Халқимизда “Устоз – отангдек улуғ”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, қўлимизга қалам олиб, ўқишни, ёзишни ўргатган, оқ-қорани, яхши ёмонни танитган, илм-маърифат ила қалбимизга зиё олиб кирган устозларимизни қанча мақтасак, эътироф этсак шунча кам. 1-октябр – “Устоз ва мураббийлар куни”. Бу улуғ кунда барча ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар ўз шарафли касбларини нишонлайдилар.

Бугун Косонсой туманидаги миллий маданият марказида устоз ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил қилинди. Унда туман ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этиб, устоз ва мураббийларга Президент табригини ўқиб эшиттирди ҳамда устоз ва мураббийларни машаққатли касби йўлидаги фаолияти, изланишлари яна бир бор эътироф этиб, келгусидаги ишларига улкан зафарлар тилаб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирлади. Шунингдек, тадбир давомида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Косонсой туман бўлинмаси томонидан ҳам устозларга совғалар топширилди.

Тадбирда туман маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, ёш шоира қизлар ижросидаги устозлар ҳақидаги шеърлар йиғилганларга хушкайфият улашди.