Ижтимоий тармоқларда Косонсой тумани М.Аъзам маҳалласи ҳудудидаги 6-сонли умумтаълим мактаби яқинида жойлашган, асосий йўл бўйича четидаги чинорлар бетонлаб ташланганлиги ҳақидаги хабарлар тарқатилди.

Ушбу ҳолат Косонсой тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими томонидан ўрганилди. Ҳақиқатдан ҳам хонадон эгаси томонидан чинор бетонлаб ташланганлиги аниқланиб, ҳолат зудлик билан хонадон эгаси томонидан бартараф этилиб, чинорни ён-атрофлари очиб қўйилди.

Ушбу ҳолатга йўл қўйганлиги учун фуқарога огоҳлантириш берилиб, келгусида ушбу ҳолат такрорланса маъмурий жавобгарликка тортилиш бўйича тушунча берилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчимизки, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органлари, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз ва табиат ва жамият олдидаги масъулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, табиат неъматлари қадрига етиш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.