Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилишда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича «долзарб 30 кунлик» эълон қилинган эди.

Бугун Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари тумандаги фермер хўжаликлари пахта майдонларини кўздан кечиришди. Ўрганишлар давомида зарбдор ойликни ишчанликда, масъулият билан ўтказиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Маълумот учун, иссиқ кунларда ғўза майдонларида ҳашаротлар кўпайиши, ниҳолларнинг турли касалликлар билан зарарланиш даражаси ортади. Агар вақтида белгиланган агротехник тадбирлар амалга оширилмаса ҳосилдорлик камайиб кетади. Шу боис ғўза чеканкасини якунлаш, шарбат усулида суғориш ва албатта, ниҳолларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш муҳим ҳисобланади.