1984 йилда асос солинган ва турли йилларда “Косонсойчи”, “Кушон”, “Навбаҳор-2” номлари билан шуҳрат қозонган футбол клуби қайта ташкил этилади.
Меҳмонхона, душ, шуғулланиш заллари каби барча шароитлар яратиб берилади. Асосийси, футбол майдонига янги чим босилиб, замонавий суғориш тизимлари билан жиҳозланади.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Косонсой марказий ўйингоҳида бўлди.
Вилоят раҳбари ташаббуси билан ўйингоҳни қайта мукаммал таъмирлаш учун жорий йилда маблағ ажратилиб, “Косонсой” жамоаси қайта тикланадиган бўлди. Бу эса аҳолиси азалдан футболга ихлосманд ҳисобланган косонсойликлар учун чинакам туҳфа бўлади. Қолаверса, марказий ўйингоҳ негизида болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, булар ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига замин яратиб бериши билан биргаликда катта футбол учун муносиб номзодлар танлаш ва тайёрлашга хизмат қилади.






