Ҳозирги вақтда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг таркибий қисми сифатида судларнинг холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилиб борилмоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларининг либераллаштирилиши ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлди.
2018 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси кучга кирди ва ҳозирда ушбу кодекс талаблари асосида туман (шаҳар) ва вилоят маъмурий судларида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси IV-бўлим, 29-боб ва 288-моддадан иборат бўлиб, унда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари, манфаатдор шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари ва судга мурожаат қилиш шакли, маъмурий суд ишларини юритиш принциплари, ишларни судда кўриш тартиблари, маъмурий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги, Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари, суд ҳужжатларини қайта кўриш асослари, суд ҳужжатларини ижрога қаратиш тартиблари ва бошқалар алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, Кодексда агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши ҳам белгилаб қўйилган.
Мазкур кодексга асосан маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган, яъни:
маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар ва корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг (бундан буён матнда юридик шахслар деб юритилади) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш.
Янги қабул қилинган ушбу кодексда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар турлари алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Унга кўра, маъмурий судлар:
1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
3) сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни;
6) ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;
7) ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Шунингдек, маъмурий суд фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.
Хулоса қилиб айтганимизда, қонун ва қонунчилик устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган, суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштириш вазифалари мамлакатимизда амалга оширилаётган узоқ муддатли ва изчил ислоҳотлар дастурининг энг муҳим устувор йўналишидан бири бўлиб ҳисобланади.
Б.Касимов
Наманган вилоят судининг судьяси






