Бу йил Косонсой туманида 165 та фермер хўжалиги томонидан 6170 гектар майдонда ҳудуд иқлимга мос буғдой навлари парваришланди. Пишиб етилган мўл ҳосилни талофатсиз, тез ва сифатли ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига топшириш мақсадида юқори унумли комбайнлар ва бошқа зарурий воситалар тахт қилиниб, мавсум учун зарур шароитлар яратилди.
Бугун "Қуқумбой" ММТП ҳудудидаги "Себча булоқ" фермер хўжалигида ғалла ўримига киришилди. Шу муносабат билан эрта тонгда эҳсон дастурхони ёзилди. Косонсой тумани ҳокими, сектор раҳбарлари, тегишли ташкилотлар, соҳа масъуллари, нуронийлар иштирокида дуои фотиҳа қилиниб, хирмонга барака тиланди. Ўрим олди тадбирида Президентимиз томонидан соҳадаги янгиланишлар ва халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ислоҳотларнинг янги босқичи бошлангани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, "Тошлоқсой олтин толаси", "Ертикан ёғдуси", "Мард ўғлон чашмаси", "Наманган пахта текс" фермер хўжаликларида ҳам ғалла ўримига старт берилди.






