Бугун, Косонсой тумани “Соҳил” ёзги болалар оромгоҳида Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда 2022 йилги ёзги мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ташкилотчилар ва уларга жалб этиладиган ходимлар учун вилоят семинари бўлиб ўтди.

 

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исраилов, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Қосимали Аҳмедов, туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар бошқармалари масъул ходимлари, оромгоҳлар директорлари, бош тарбиячилари, спорт йўриқчилари, тиббиёт ходимлари, касаба уюшма қўмиталари раислари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг вилоятдаги масъул ташкилотчилари, меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

 

Амалий семинар давомида болажонлар дам олиш вақтининг мазмунли ўтиши, уларни назоратга олиш, санитария қоидаларига риоя этилиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича тушунчалар берилди.

 

Шундан сўнг семинар иштирокчилар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга масъул ходимлардан жавоб олишди.

 

Семинар давомида қатнашчилари оромгоҳда яратилган шароитлар билан танишишди. Оромгоҳда замонавий жиҳозлар билан таъминланган ётоқ павильони, ёзги амфитеатр, сузиш ҳавзаси, спорт мажмуаси, ташқи ва ички ўйингоҳлар ҳамда ошхонада ташкил этилган қулайликлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Шунингдек, меҳмонлар оромгоҳдаги болалар учун қизиқарли адабиётлар билан таъминланган кутубхона, маънавият ва тиббиёт хоналари билан танишдилар.