Косонсой туманининг “Тергачи” массивида жойлашган “Кушон” кичик саноат зонасининг умумий майдони 110 гектар бўлиб, мазкур ҳудудда лойиҳа қиймати 1,6 трлн. сўмлик 129та лойиҳани ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Истиқболда автомобиль саноати, ёғоч, озиқ-овқат, маиший, текстиль маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. 12 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Ҳозирги кунда ўнга яқин лойиҳалар фаолиятини бошлаган.Бугун Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров лойиҳа ташаббускорлари, тадбиркорлар билан учрашиб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. - Ишлаб чиқариш учун олинган майдонлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни жадаллаштириш зарур. Инвестицион таклиф ва мажбуриятларни илгари сурган тадбиркорлар сусткашликка йўл қўйиши керакмас. Корхоналарни белгиланган муддатларда ишга тушишини таъминлаш шарт, - деди туман ҳокими.