Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда муборак рамазон ойида ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳар доим эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар сирасига кирган.

Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Косонсой деҳқон бозоридаги нарх-наволар билан танишиб, сотувчилар ҳамда фуқаролар билан мулоқотда бўлди.

Мулоқот давомида аҳолининг кунлик истеъмолидаги гўшт, ўсимлик ёғи, гурунч, картошка, шакар каби маҳсулотларнинг нархи ошиб кетмаслиги бўйича сотувчиларга тушунтиришлар берилди.

Тадбиркорлар билан Рамазон ойида нархларни оширмасликка, бозорда аҳоли учун энг керакли, кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотларга мўътадил, ҳамёнбоп нархлар белгилашга келишилди.