Косонсой туманининг "Янгийўл" маҳалласида жойлашган 33-сонли умумтаълим мактабида «Менинг маҳалламда беш ташаббус» шиори остида “Ёшлар етакчисининг бир куни” тадбири ўтказилди. Ёшларни бир мақсад сари бирлаштирган ушбу маънавий-маърифий кечада санъат, маданият, спорт, китобхонлик йўналишларида тадбирлар ташкил этилди, ҳарбий техник кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга қаратилган мазкур тадбир давомида ёшлар учун касблар фестивали, уч авлод учрашуви, ош мусобақаси, расм чизиш танлови ўтказилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида миллий халқ ўйинларини кенг тарғиб қилиш мақсадида миллий кураш, тош кўтариш ва арқон тортиш мусобақалари ҳам бўлиб ўтди. Тадбир якунида фаол ёшлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.