Бугун, Косонсой тумани Баҳористон маҳалласи «Шоҳсафед” массивидаги мототрассада Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан мотоспорт бўйича Наманган вилоят ҳокими кубоги учун вилоят биринчилиги 1-босқич мусобақалари ҳамда Абдусаттор Шарипов хотирасига бағишланган “Саванна” мотоклуби кубоклари учун мусобақалар бўлиб ўтди.
Бундай мусобақалар сўнгги бор 11 йил олдин, яъни 2011 йилда ўтказилган эди.
“Шоҳсафед” массивига адреналинга бой мусобақанинг гувоҳи бўлиш учун туманимиз ва қўшни туманлардан 10 мингдан зиёд томошабинлар тўпланишди.
Республикамизнинг турли вилоятларидан келган 80 нафарга яқин мотоспортчилар ҳамда Наманган вилоятининг барча туманлари жамоалари ўзаро куч синашишди.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган туман ҳокими Дилмурод Қодиров сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга берилаётган эътибор ҳақида гапириб, барчани спорт билан доимо ҳамнафас бўлишга чақирди.
Умумжамоа ҳисобида Косонсой тумани жамоаси пойга ғолиби бўлган бўлса, 2-ўрин Мингбулоқ, 3-ўрин эса Норин жамоасига насиб этди. Уларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.






