Азиз юртдошлар,

Қадрли тумандошлар!

Саноқли дакикалардан сўнг кўп миллатли халқимиз жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”ни кузатиб, қувончу ташвишларини, эришган ютуқ ва айрим улгурмаган ишларини сарҳисоб этган ҳолда, Янги йилга беғубор орзу-умидлар билан қадам қўймоқда. Янги йил аслида янги қувонч, янги шодлик ва янги истаклар айёмидир. Мен сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини ушбу улуғ шодиёна, кириб келаётган 2022 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Шубҳасиз, жорий йилимиз интиҳосини шукроналик туйғуси билан кузатишга ҳақлимиз. Фикримиз далилини эса юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, халқимиз фаровонлиги ва давлатимиз иқтисодиётининг барқарор суръатларда ўсаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Шуни такрор ва такрор эътироф этиш жоизки, юртимизда қўлга киритилаётган ютуқлар, кенг бунёдкорлик ва юксалишлар Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланган ифодасидир. Қолаверса, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳар бир ватандошимизнинг эртанги кунига ишончини мустаҳкамлайди. Ишонаманки, янги — 2022 йилда ҳам ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ҳамда режалардан оғишмасдан диёримизни янада обод ва кўркам қилиш йўлида самарали меҳнат қиламиз. Тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия сифатини ошириш каби ишларни давом эттирамиз. Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз. Хонадонларимиз фариштаси бўлган нуронийлар, опа-сингилларимиз ва ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатиш доимо бош вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Барчангизни Янги йил байрами билан яна бир бор самимий қутлайман. Янги йил ҳар бир юртдошимизга, ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан муваффақиятлар олиб келсин!

Халқимизнинг барча орзу-ниятлари ушалсин!

Буюк ва муқаддас Ватан - жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!

Янги йилингиз муборак бўлсин!