«Ҳозирги ҳолатга 400 тонна мева экспорт қилдик. Бу 20 фурада гилос, ўрик, узум, анор, хурмо дегани. Уларни Жанубий Корея, Япония, Хитой, Россия, Украина, Беларусь давлатларига жўнатдик. Ёзда Польшага катта миқдорда пиёз юборгандик. Мавсум энди қизғин паллага кирди. Катта иш олдинда»,- дейди экспортёр-тадбиркор Назиржон Бозоров.
Косонсойнинг Такаранг даҳаси Чуст кўча маҳалласи гавжум мева-сабзовот логистикаси марказига айланиб улгурган. Меваларни саралаш, жойлаш, қадоқлаш билан юздан ортиқ аёллар ва ёшлар банд этилган. Ўтган йили тадбиркор бир ўзи 1000 тонна мевани хорижга чиқарган. Бундай ишбиламонлар Наманганда юзлаб топилишини эътиборга олиб, вилоятнинг экспорт салоҳияти қандайлигини билиб олаверинг!






