Ўзбекистон Республикасида оилавий зўравонликка қарши кураш ва унинг олдини олиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида оилавий зўравонликка қарши кураш

Ўзбекистонда оилавий зўравонликка қарши курашиш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан:

  • «Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун

Бу қонун ижтимоий тенгликни таъминлаш ва дискриминациянинг олдини олишга қаратилган. У тенг ҳуқуқли муносабатлар орқали оилада зўравонликни камайтиришга хизмат қилади.

  • «Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун

Мазкур қонун оилавий зўравонлик тушунчасини аниқ белгилаб, унинг турлари — жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик каби шаклларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. Шунингдек, жабрланган шахсларга ҳимоя ордери бериш, вақтинча бошпана билан таъминлаш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби чоралар назарда тутилган.

  • Маъмурий ва жиноий жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар асосида, оилавий зўравонлик ҳолатлари алоҳида жавобгарликка тортилади. Масалан, доимий таъқиб (преследование), таҳдид ва калтаклаш ҳолатлари учун жазо чоралари белгиланган.

Қонунчиликдаги ютуқлар

 Ютуқлар:

▪️Қонунларда оилавий зўравонликнинг кенг қамровли таърифи берилиши;

▪️ Ҳимоя ордери тизимининг жорий қилиниши;

▪️Зўравонликдан жабрланганларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш марказларининг ташкил этилиши.

Оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича чоралар

— Профилактика тадбирлари: Маҳалла, таълим муассасалари ва ННТлар орқали фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш.

— Ижтимоий хизматлар: Вақтинча бошпана, бепул юридик ёрдам ва психологик кўмак марказларининг самарали ишлашини таъминлаш.

— Ички ишлар органлари ҳамкорлиги: Зўравонликка қарши тезкор жавоб бериш гуруҳларининг ишини кучайтириш.

— Ахборот кампаниялари: Масс-медиада зўравонликка қарши кенг жамоатчиликни жалб қилувчи акция ва кўрсатувларни йўлга қўйиш.

ФИБ Наманган туманлараро суди судьяси:            Р.М.Бойқораев