Ўзбекистонда маҳалла тизимини ислоҳ қилиш ва унинг жамиятдаги ролини янада кучайтириш йўлида навбатдаги муҳим қадам қўйилди. “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга киритилган янгиликлар асосида мамлакатимизда маҳалла раислари сайланмоқда.

Бугун, 1 май куни, Косонсой туманининг “Намуна” маҳалласида маҳалла раиси учун овоз бериш жараёни ўтказилди. Ушбу жараён очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, фуқароларнинг фаол иштироки билан ташкил этилди. Овоз беришда барча зарурий шарт-шароитлар яратилиб, жараёнлар маҳалла аҳолиси гувоҳлигида адолатли ва холис тарзда амалга оширилди.

Косонсой туманида ҳозирги кунда 59 та маҳалла фаолият юритиб, уларда 350 нафардан зиёд “маҳалла еттилиги” аъзолари иш олиб бормоқда. Ушбу жамоаларнинг мувофиқ ва самарали фаолиятини таъминлашда маҳалла раиси катта аҳамият касб этади.

Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 5 йил этиб белгиланди. Бу ўзгариш маҳалла раҳбарларига узоқ муддатли режалар асосида иш олиб бориш имконини яратади.