Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга

МУРОЖААТИ

 

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари!

Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, аграр соҳада янги иш ўринларини яратиш муҳим вазифалардан бири эканлигини барчамиз ҳис этиб турибмиз.

Шундай мураккаб паллада биз деҳқону фермерлар ҳамда кластер корхоналари томонидан ҳар қачонгидан кўра кўпроқ масъулият билан тер тўкиб ишлашни давр тақозо этмоқда.

Бунинг учун Муҳтарам Президентимиз томонидан Сиз фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига 2025 йилнинг ўтган 3 ойи давомида қатор имтиёзлар ва ваколатлар берилди.

биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил                 19 мартдаги ПФ-50-сон "Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг                             13-бандига асосан фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилди ҳамда суд ва ижро ишларининг ушбу пеняни ундириш билан боғлиқ қисми тугатилди;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил                    28 мартдаги ПҚ-131-сон қарори билан 2025 йил ҳосилидан бошлаб ҳар йили пахтадан 50 центнер/гектар, ғалладан 80 центнер/гектардан юқори ҳосил олганини солиқ ҳисоботларида акс эттирган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига:

-ижарага олинган жами ер майдонининг 25 фоизига алмашлаб экиш усулида чорва учун озуқа, сабзавот, полиз, картошка, мойли ва дуккакли экинларни экишга;

 -Ўзбекистон фермерлари кенгашига аъзолик бадалини 0,6 фоиз ўрнига 0,3 фоиз миқдорида тўлашга;

-ер солиғини ҳисоблашда базавий ставкага нисбатан мутаносиб равишда уч каррагача камайтирувчи коэффицентларда тўлашга рухсат берилди.

учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил                    8 апрелдаги ПҚ-136-сон қарори билан ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ўзларига қарашли ерларнинг дала четларида ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига мувофиқ, жами ер майдонинг 1 %га, лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган ерга музлаткичли омборхоналар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сув тежовчи технологиялар ва сув сақлаш объектларини қуришга рухсат берилди.

 Юқоридаги Сизларга яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, мамлакатимизнинг янада ривожланишига ўз ҳиссаларингизни қўшишга чақирамиз.

         Ҳурматли фермерлар!

Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларда “фермер” номи билан иштирок этар экансиз ўз касбингизга садоқат билан ёндошиб, деҳқончиликдан у қайси йўналишда бўлмасин юқори ҳосил олиб, яхши даромад қилиб бозорларимизни мўл, дастурхонларимизни тўкин бўлишига, қишлоқ хўжалиги саноатини ривожланишига эса муносиб ҳисса қўшган ҳолда мамлакатимиз ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида, халқимиз ҳаёти тинч ва фаровон бўлишида фаол қатнашиш ҳар биримизнинг фермерлик бурчимиз ҳамда вазифамиз эканлигини эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.

Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Аслида бунинг замирида Сиз ва бизнинг фидойилигимиз орқали мамлакатимизнинг иқтисодиётига ҳисса қўшишдир. Шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керакдир.

Ҳиммати баланд миришкор фермерлар!

Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан чигитни ҳам ўз вақтида ерга қадаш биз фермер ва деҳқонларнинг асосий вазифамиз эканлигини эсдан чиқармаслигимиз зарур.

Апрель ойида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаги, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади. Бободеҳқонлар таъбири билан айтганда, “Эрта эккан – эрта ўради” шунинг учун чигитни ўз вақтида ерга қаданг.

Юқоридагидан келиб чиқиб, пахтадан юқори ҳосил олиш учун апрел-май ойиларида яъни “Долзарб бир ойлик”да биз фермерлар томонидан чигитни ўз вақтида ерга қадаб, агротехник тадбирларни амалга ошириш зарур бўлаётганлигини ҳамда эрта экиб қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларни ҳар қачонгидан ҳам масъулият билан ёндошиб амалга оширайлик!

биринчидан, барча фермерлар узоғи билан 2-3 кунда тўлиқ чигитни экишни якунланг;

иккинчидан, 15-20 апрель кунларида ғўза майдонларида 150-200 кг азотли, 50 кг калилий, 200 кг фосфорли (экиш билан берилмаган бўлса) ўғитлар билан 1-культиватция ишларини сифатли ўтказинг;

учинчидан, 3 кун муддатда дала четларига сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ёки маккажухори уруғи ва кўчатларини экишни якунланг, хусусан, Хитой навлари экилган майдон атрофига маккажуҳори ёки кунгабоқар экишни алоҳида ташкил этинг;

тўртинчидан, 20-25 апрелгача ғўза қатор орасини чуқур (60 см кенгликда экилган далада 25-30 см, қолган майдонларда 35-40 см чуқурликда) чизел қилинг;

бешинчидан, ғўза ниҳоллари тўлиқ униб чиққан майдонларда тупроқ механик таркиби енгил майдонлар (қум ерлар) да 200-220 минг туп/га, механик таркиби ўрта (воплон) ерларда 140-160 минг туп/га, механик таркиби оғир (суға) ерларда 120-130 минг туп/га, Хитой техналогиясида қолдиришингизни, ягоналашни ғўза 1-2 чингбарк чиқаргунга қадар якунланг;

олтинчидан, ғўзада 2-3 чинбарг чиқарганда органик биопрепаратлар, кимёвий моддалар (гумин, гумимах, НВК, ифо, ПЗН, Биодукс ва хоказо)  биологик стимуляторлар билан қўшимча ишлов беринг пахтани эрта пишиб етилишига  ҳамда пахтадан 50 центнер ҳосил олишга эришинг;

еттинчидан, пахта даласига зараркунандалар кириб келмаслик учун дала четларига олтинкўз биомаҳсулотларини 1000 дона/га меъёрида тарқатиш, бегона ўтлардан тозалаш, олтин гугурт ва ИСО қайнатмалар билан ишлов беришни 3-5 кунда якунланг;

саккизинчидан,  ғаллалангизни баҳорги озиқлантиришни 5 кунда якунлаб – 200 кг/га аммиакли селитра сепишни унутманг;

тўққизинчидан,  10 кунда камида 3 марта баргидан озиқлантиринг (суспензия сепиш) ҳамда 1 м2 майдонга 2-3 дона хасва имогаси аниқланган майдонларни дала четига қаратиб кимёвий ишлов беринг;

ўнинчидан, ғалла комбайнини, ташиш техникаларини мавсумга тайёрланг;

ўн биринчидан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари пахтачилик ва ғаллачилик кластер корхоналари билан ҳамкорликда янада ишларни жадаллаштириб, юқоридаги тадбирларни амалга ошириб бу йил пахта ҳосилини 50 центнер ҳамда ғалладан 80 центнер ҳосил олиб, юқори даромад олишга эришинг ҳамда Президентимиз қароридаги белгиланган имтиёзлардан фойдаланг.

Ҳурматли кластер корхоналари раҳбарлари!

Сизларнинг эътирофга арзигулик даражадаги бизнес режаларингиз асосида, бир неча йиллар фақат хом-ашё сифатида сотилган толаларимиз, бугунги кунда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб миллий иқтисодиётимиз  ўсишига ва экспорт салоҳиятимиз мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Қолаверса, Сизларнинг режаларингизни омили ҳам етиштирилган ҳосилни ўз вақтида сифатли йиғиб олинишга боғлиқдир.

Шунинг учун қуйидаги тадбирларни оғишмай амалга оширинг!

биринчидан, чигит экишни 2-3 кун муддатда якунлаш учун фермерларга керакли техника ва моддий ресурсларни ўз вақтида етказилишда кўмалашинг;

иккинчидан, пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш учун қўшимча минерал ўғит ва бошқа русурсларни ғамланг;

учинчидан, ғалла ўрим йиғимига тайёргарлик кўриб, фермерлар етиштирган ғаллани сифатли сақлаш учун шарт шароитлар яратинг.

Ҳурматли фермер ва деҳқонлар!

Барча имкониятларни ишга солиб барча қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларни сифатли қилиб экиб, юқори даромад олишга чақирамиз.

Қишлоқ хўжалиги экинларини экишни  шундай меҳнат кўтаринкилигини ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин. Бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт ташвишига шериклик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш учун курашиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда Долзарб бир мобайнида қишлоқ хўжалиги экинларини  ўз муддатларида экишга ҳамда юқори ҳосил олишга даъват этамиз!

 

 

 

Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсат аъзолари