Мана юртимизга кунлар исиб, ўз чиройларини ёйиб яна баҳор фасли кириб келмоқда. Ҳаммамизга маълумки баҳор фасли бу уйғониш ва яшариш фаслидир. Бу гап бежизга айтилмаган. Баҳор фаслида барча ўсимлик ва ҳайвонот дунёси уйғониш ва яшариш даврини ўтказади. Шу қаторда барча касаллик қўзғатувчи вирус ва бактериялар ҳам ҳаракатга келади. Шулардан бири бу барчамизга таниш бўлган “қутуриш” касаллигидир.
Қутуриш касаллиги — қутуриш вируси (Рабиэс вируси) қўзғатадиган вирусли касаллик бўлиб, бу касаллик асосан иссиққон ҳайвонлар ва одамларда учрайди. Одамга касалланган ҳайвонлар тишлаганда ёки тирнаганда уларнинг сўлаги орқали юқади. Вирус юққанда марказий асаб тизимининг оғир прогрессив шикастланиши кузатилади.
Вирус шикастланган тери орқали асаб толалари орқали ҳаракатланади ва улар орқали мия ва орқа мияга тарқалади. Касаллик инсонлар учун ҳалокатли ҳисобланади ва касалликни фақатгина фавқулодда эмлаш билан олдини олиш мумкин.
Қутуриш касаллиги ҳар йили минглаб ўлимга сабаб бўладиган ҳаёт учун хавфли касаллик ҳисобланади. Ит ва мушуклар вирусни энг кенг тарқатадиган ҳайвонлардир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра дунё бўйлаб ҳар йили 59000 киши қутуриш касаллигидан вафот этади. Уларнинг 99 фоизи қутурган ит тишлаши натижасида касалланган. Бироқ, ҳайвонлар ва инсонлар учун вакцина мавжудлиги қутуриш ҳолларда ўлим кўрсаткичларининг камайишига олиб келди.
Вирус марказий асаб тизимига таъсир қилиб, айниқса мия яллиғланишига сабаб бўлади (ўзига хос энсефалит). Маҳаллий итлар, мушуклар, қуён, скунс ва ёввойи ҳайвонлар тишлаши ва тирнаши орқали инсонларга вирус юқиши мумкин. Қутуришга қарши кураш тезкор даво чораларига боғлиқ бўлади.
ҚУТУРИШ БЕЛГИЛАРИ ВА АЛОМАТЛАРИ
Одамларда қутуриш касаллигининг асосий белгиси — гидрофобия ёки сувдан қўрқиш саналади. Аввал сув ичишдан қўрқиш кузатилса, кейинчалик сувни кўрганда ва сув ҳақида гап кетганда ҳам қўрқиш белгилари кузатилади. Қўшимча равишда ютуниш мушакларининг титроқли ҳаракати, қўрқув, тутқаноқ, нафас олишдаги узулишлар аниқланиши мумкин.
Тутқаноқ товуш ва ёруғлик таъсири оқибатида бошланади. Бемор ҳамма нарсани синдириб, одамларга ташлана бошлайди, «зўравон» ҳужумдан кейин «жим» — фалажликнинг бошланғич белгиси бошланади. Шундан сўнг нафас олиш тўхташи ва ўлим содир бўлади.
Тишлашдан бошлаб касаллик белгилари пайдо бўлгунигача бўлган вақт касалликнинг “инкубацион даври” деб аталади. Одатда касаллик аломатлари инсон касалланганидан 4-12 ҳафта ўтиб намоён бўла бошлайди. Бироқ, инкубация даври бир неча кун ёки олти йилгача чўзилиши ҳам мумкин.
“Қутуриш” касаллигини энг хавфли касалликлар қаторига қўшилишининг сабаби – бу касалликнинг клиник белгилари намоён бўлганидан кейин касалланган инсонни қутқариб қолиш имкони жудаям камлигидир!
Қутуриш грипп каби аломатлар билан бошланади. Жумладан, иситма, мушакларнинг кучсизлиги, оғриқлар.
Бу асосий белгилари ташқари яна тана ҳароратининг 37°C гача кўтарилиши, руҳий тушкунлик, уйқунинг бузилиши, уйқусизлик, безовталик, тишланган жойда оғриқлар (яра тузалган бўлса ҳам) қайд қилиниши мумкин. Вирус марказий асаб тизимини шикастлашда давом этиши сайин, касаллик икки хил турда ривожланиши мумкин.
ҒАЗАБЛИ ҚУТУРИШ
Ғазабли қутуриш ривожланган одамларда ҳаддан ташқари ҳаракатчанлик ва агрессия кузатилади. Бошқа аломатларга: Уйқусизлик; Безовталик; Тартибсизлик; Ташвиқот; Галлюцинациялар; Кўп сўлак оқиши; Ютиш билан муаммолар; Сувдан қўрқиш.
ФАЛАЖЛИ (ТИНЧ) ҚУТУРИШ
Қутуришнинг бу шакли ривожланиши учун кўпроқ вақт талаб этилади, лекин таъсири оғир бўлади. Касалланган киши аста-секин фалажлана бошлайди ва охир-оқибат комага тушади, ҳатто ўлиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, қутуришнинг 30% ҳолларида фалажлик юз беради.
КИМ ҚУТУРИШГА ДУЧОР БЎЛИШИ МУМКИН
Қутуриш вируси инсонларга қутурган ҳайвонлар тишлаши ёки тирнаши оқибатида жароҳат жойига уларнинг сўлаги тушиши натижасида юқади. Вируснинг шиллиқ қават ёки очиқ жароҳатларга бошқа йўллари орқали тушишида ҳам касалланиш содир бўлиши мумкин. Вирус фақат ҳайвондан инсонга ёки ҳайвондан ва ҳайвонга юқиши мумкин. Унинг инсондан иноснга юқиши эҳтимоли жуда кам бўлса-да, тарихда бир неча шундай ҳолатлар қайд этилган.
Киши инфекцияланган бўлса, вирус мияга асаб толалари орқали тарқалади. Вирус мияда тез ва жадал кўпая бошлайди. Бу фаолият мия ва орқа миянинг кучли яллиғланишига олиб келади ва беморнинг аҳволи тезда ёмонлашиб, асфикция ва юрак тўхташи натижасида нобуд бўлади. Жароҳат бош ёки бўйин соҳасида бўлса, мия ва орқа мия шикастланиши тезроқ бошланади. Агар жароҳат бўйинда бўлса, иложи борича тезроқ тиббий ёрдам чақириш керак.
КАСАЛЛИКНИ ТАРҚАТУВЧИ ҲАЙВОНЛАР
Ҳайвонлар қутуришининг асосий белгиси — унинг хулқи ўзгариши ҳисобланади: яхши уй ҳайвони тажовузкор, ёввойи ва тишлашга шай бўлиб қолади. Ёввойи ҳайвонлар ҳам, уй ҳайвонлари ҳам қутуриш вирусини тарқатиши мумкин. Касалликнинг асосий сабабчилари қаторига итлар, кўршапалаклар, мушуклар, сигирлар, эчки, отлар, қуёнлар, қундузлар, бўри, чиябўри, маймун ва скунслар каби уй ва ёввойи ҳайвонлар киради.
ҚУТУРИШНИ ДАВОЛАШ
2005-йилгача касалликнинг клиник белгилари намоён бўла бошланганда қутуришни даволашнинг самарали усуллари фанга маълум эмас эди. Кўпинча азобли ҳолатни енгиллаштириш учун симптоматик воситалар билан чекланишга тўғри келарди. Ҳаракат қўзғалувчанлиги тинчлантирувчи (седатив) воситалар билан бостириларди, тутқаноқлар эса кураресимон препаратлар билан. Нафас бузилишлари эса трахеостомия ва беморни сунъий нафас аппаратига улаш билан компенсацияланарди.
Ҳозирги кунда вируси юқганидан кейин, инсонга касалланишни олдини олиш учун бир қатор инъекциялар қилинади. Вирус билан курашиш учун қутуришга қарши иммуноглобулин берилади. У қутуришга қарши антитаналарни дарҳол ишлаб чиқилишига имкон беради ва вируснинг кириб боришини олдини олади. Шу сабабли қутуришга қарши эмлашни олиш - бу касалликнинг олдини олишнинг калитидир.
Вакциналар 14 кун давомида бешта инъекция кетма-кетлигида берилади. Қутуриш вируси ташқи муҳитда тез нобуд бўлади. Вирус 56°C да 15 дақиқада, қайнатганда 2 дақиқада нобуд бўлади.
Ҳайвонларни назорат қилиш хизмати кишини тишлаган ҳайвонни текшириш учун уни излаб топишга ҳаракат қилади. Ҳайвон қутурмаган бўлса, киши инъекциялар олмаслиги мумкин. Бироқ, ҳайвон топилмаса, энг хавфсиз ҳаракат чораси — бу даволаш усулларини қўллашдир.
Қутуришга қарши вакцина қанча барвақт олинса, касалликнинг олдини олиш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Шифокорлар жароҳатни совун ва сув ёки йод билан камида 15 дақиқа давомида ювиш орқали даволашади. Кейин иммуноглобин юборилади ва қутуришга қарши эмлаш бошланади. Ушбу усул «постконтакт профилактика» деб номланади.
Огоҳ бўлинг, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остида қолдирманг!
Аъзамжон Аҳматжонов,
Косонсой тумани ФВБ бошлиғи
Дилмурод Абдурахмонов
Наманган вилояти ФВБ ҲФХЎМ
катта ўқитувчиси






