Мен турмиш ўртоғим билан шарьий никохдан ўтганма. Бизнинг бир нафар фарзандимиз бор. Шаръий никоҳдаги фарзандга ҳам алимент ундирса бўладими? Мавзусида, Юридик марказ ҳодимларига саволлар келмоқда
Оила кодексининг 62-моддасига асосан ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса суд тартибида белгиланади.
Бунда оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Шунга кўра сиз ҳам бу ҳолатда фарзандингизга оталикни белгилатиш керак бўлади.
Алимент масаласига келсак, маълумки, Оила кодекси 96-моддасига мувофиқ ҳар бир ота-она фарзанди учун алимент тўлашга мажбур ҳисобланади. Бу ва бундан кейинги нормаларда алиментнинг вояга етмаган фарзанд учун (айрим ҳолатларда вояга етганлари учун ҳам) белгиланган.
Бунда қонун чиқарувчи эр-хотиннинг қонуний ёки шаръий никоҳдалиги эмас, балки боланинг шу ота-онадан туғилганлигини фактини асос қилиб олади.
Соддароқ айтганда бир уйда қонуний ёки шаръий никоҳ асосида яшаб туриб ҳам алимент ундириш мумкин. Бунда энг асосийси бола алимент ундириш сўралган ота ёки онадан туғилганлигини тасдиқловчи далиллар (туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги ота-она ҳақидаги ёзувлар ёки суднинг қарори) бўлиши кифоя.
Юқоридаги кодекс 136-моддасига мувофиқ алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, сиз фуқаролик судига оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз лозим.
Наманган вилояти Адлия бошқармаси Косонсой туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш марказ рахбари
Ф.А. Ғофуров






