Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида тадбиркорликни қўллаб - қувватлаш, инвестиция дастурлари ижроси, шу жумладан фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, Косонсой туманидаги “Axsikent sof sanoat” МЧЖ биносида вилоят ҳокимлиги, солиқ, марказий банк, кадастр, қурилиш бошқармалари, коммунал соҳа ва тижорат банклари раҳбарлари иштирокида вилоятда инвестиция дастурлари доирасида жорий йилда амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан тақдимоти бўлиб ўтди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида вилоятда 134 та лойиҳалар доирасида жами 849,4 млн. долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш режалаштирилиб, амалда 879,2 млн. доллар инвестицияларни ўзлаштирилиши таъминланган.
Бу борада масъулларга тўғридан - тўғри хорижий инвестициялар оқимини янада кенгайтириш, лойиҳа эгалари, шунингдек хорижий инвесторлар билан мунтазам алоқада бўлиш ва фаолиятида юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда фармацевтика соҳасида қиймати 104,1 млн. долларлик 11 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ташаббускорларнинг ҳар бири билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, улар томонидан билдирилган 12 та муаммоли масалалар ҳамда таклифлар мутасадди идора раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди.
Натижасига кўра, 4 та муаммоли масалаларнинг жойида ижобий ҳал этилиши таъминланди, қолган муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш юзасидан масъуллари ва муддатлари аниқ белгиланган назорат режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.






