Косонсой туманидаги 45-сонли махсус "Нурли маскан" мактаб-интернатида ўтказилган ўнинчи республика Форумида Косонсой туман ҳокимлиги, ички ишлар, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари, сектор раҳбарлари, республикадаги мавжуд "Нурли маскан" мактаб-интернати директорлари иштирок этдилар.

Форумнинг очилиш маросимида мамлакатимизда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг таълим олиши учун шарт-шароит яратиш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар тилга олинди.

Тадбирда сўз олганлар "Нурли маскан" мактабида амалга оширилган ишлар, самарали педагогик фаолият, ўқувчиларнинг билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг меҳмонлар, республиканинг турли вилоятларидан келган «Нурли маскан» мактаби ўқувчилари томонидан қўлда тўқилган кийим-кечаклар ва тегишли устахоналарда ясалган қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечиришди.

Куннинг иккинчи ярмига мўлжалланган концерт дастурида хушовоз хонандалар ҳамда мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган концерт дастури барча йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати