Косонсой нафақат бетакрор табиати, балки бир неча минг йиллик тарихи, қадимий ўтроқ деҳқончилик маданиятига хос хусусиятларни ҳамда турли миллат вакилларининг кўп асрлик бой миллий қадриятларини ўзида мужассам этган юрт сифатида ном қозонган. Ўзининг буюк алломалари билан башарият тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган. Турли олимлар туман тарихи бўйича турлича ёндашув асосида илмий изланишлар олиб борганлар.
Давлат раҳбарининг 2024 йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Косонсой туманининг 3 минг йиллик юбилейини ўтказиш масаласини атрофлича ўрганиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси белгиланган.
Бугун "Косонсой санаторийси"да туман ҳокимлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамкорлигида Косонсой туманининг 3 минг йиллик тарихини ўрганиш ва асослаш мақсадида, таниқли олимлар, профессорлар, тарихчилар иштирокида ноаънанавий тарзда ишчи гуруҳнинг илк маслаҳатлашув йиғилиши ўтказилди.






