Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, соҳани тубдан ислоҳ этишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қувонарлиси, бундай ишлар шахсан давлат раҳбарининг ташаббус ва таклифлари аcосида изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 триллион сўмга, яъни 6 баробар оширилди. Шифохоналар замонавий жиҳозланиб, янгилари барпо этилмоқда. Тиббиётни халққа яқинлаштириш мақсадида жойларда скрининг текширувлари ўтказилмоқда.
Бугунги кунда гипертония, юрак ишемик ва сурункали ўпка хасталиклари, бронхиал астма, қандли диабет, гепатит каби энг кўп учрайдиган 7 та касаллик гуруҳи бўйича даволаш стандартлари халқаро талаблар асосида янгиланди.
Бундай ишларнинг яна бир яққол намунасини куни кеча президентимизнинг Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишганлиги бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 22 январдаги қарорига мувофиқ тузилган Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, дори-дармонлар харидини тартибга солиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Президент иштирокидаги тақдимотда ушбу йўналишлар атрофлича таҳлил қилинганинг гувоҳи бўлдик.
Аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган бундай вазифаларнинг моҳиятига эътибор қаратсак, уларнинг ҳар бирида аҳоли саломатлигини сақлашда тиббий хизмат сифатига, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларнинг ечимига қаратилганини, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, тиббиёт муассасаларининг дори воситалари билан ва малакали шифокорлар билан таъминланишини яхшилаш, миллат генофондини сақлаш кўзда тутилганини англаб оламиз.
Бу вазифаларнинг амалга оширилиши соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқишга, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати янада ошишига ва фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш қулайликларини янада оширишга хизмат қилади.
Алишер ШЕРАЛИЕВ,
Косонсой туман ҳокими ўринбосари






