Тут барглари ипак қурти учун керакли озуқа бўлгани боис, ҳар доим қимматли ўсимликлар қаторига киритилган. Гарчи бу дарахт 300 йилдан ортиқ яшаса-да, парвариш қилинса 500 йилгача ҳам ҳосил олиш мумкин экан.

Косонсой туманидаги Навоий, Ободон, Янгиҳаёт, Ш.Рашидов номли ММТП ҳудудларидаги фермер хўжаликларида шу мавзуда, яъни, “тут устига тут экиш” усулини кенгайтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Анваржон Гаппаров айтиб ўтганидек, ҳар бир тутнинг юқори қисмида 3-4 тадан кичик новда қолдириш дарахтнинг умрини узайтириш ҳамда келгусида янада кўпроқ барг олинишини таъминлайди.

Айни пайтда ипак қурти 4-5 ёшда парвариш қилинмоқда. Демак, тут барглари кесиб олинмоқда. Шунинг учун мазкур агротехник тадбирни жойларда тарғибот қилиш лозим.

Семинарда Косонсой туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Қ.Ашуров пиллачилик агрономларига ипак қуртини сийраклатиб боқиш, етиштириладиган маҳсулот сифатига жиддий эътибор қаратиш бўйича қўшимча тавсиялар берди.