Косонсой туманида "Маҳалла еттилиги" тавсияси билан шакллантирилган рўйхатга киритилган ёшларга Е-аукцион платформаси орқали 30 йил муддатга ер ажратиш ишлари давом этмоқда.
Бугун Наманган вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев Косонсой туманида бўлиб, ёшларга ер майдонлари ажратиб бериш жараёнларида қатнашди.
“Янги Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи 45 нафар йигит-қизларга “Пахтакор саховати” ҳамда “Мард ўғлон чашмаси” фермер хўжаликларидан 20 сотихдан экин ерлари ажратиб берилди. Улар орасида яқиндагина миграциядан қайтганлари ҳам бор.
Вилоят ИИБ раҳбари ёшлар билан мулоқотда энг унумдор ерлар тақсимлаб берилаётгани, бу имкониятдан унумли фойдаланиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, ажратилган ердан фойдаланиш тартиби, "Бир ҳудуд - бир маҳсулот" тамойили асосида деҳқончилик қилиш борасида тушунтириш ва тавсиялар берилди.
☑️ Маълумот учун: Косонсой туманида 1226 нафар ер олиш истагидаги ёшлар рўйхати шакллантирилиб, туман ҳокимлиги заҳирасидаги 366 гектар майдон очиқ электрон савдога қўйилган.






