Халқимизда “Соғ танда - соғлом ақл” деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Боиси, инсон ҳаётда соғлом яшаши учун албатта, жисмоний тарбия билан шуғулланиб туриши керак. Жисмоний ҳаракатлар инсон организмидаги иш фаолиятини яхшилайди. Тана соғлом бўлса, инсоннинг фикрлаши ҳам яхши бўлади. Соғлом халқ, соғлом миллат эса буюк ишларга қодир бўлади.

Ўқитувчиларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш, таълим муассасаларидаги спорт секциялари ва тўгараклари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ўқитувчиларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида Косонсой туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ўртасида “Соғлом танда - сифатли таълим” шиори остида Касаба уюшмаси кубоги спорт мусобақаларига старт берилди

Тумандаги барча мактаб жамоалари секторлар кесимида 3, 13, 18, 28, 49-сонли мактабларда жам бўлишди. Ҳудудларда мусобақанинг очилиш маросимлари тантанали ташкил этилиб, спорт мусобақаларига юртимиз мадҳияси садолари остида старт берилди.

Мусобақалар спортнинг мини-футбол, волейбол, стол теннис, шахмат ва шашка турлари бўйича ўтказилиб, ғолиблар мусобақанинг 20 апрел кунлари ўтказиладиган туман босқичига йўлланмани қўлга киритишади.