Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Наманган шаҳрида 63-халқаро «Гуллар фестивали»га тайёргарлик жараёни билан танишди.

Таъкидлаш жоиз, 2024 йилнинг 19 майидан 23 июнига қадар Наманган анъанавий халқаро фестивалга мезбонлик қилади. Бунинг учун ҳозирда пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Вилоят раҳбари Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғи ва унинг атрофини кўздан кечириб, декоратив гуллар билан безатиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди. 

Бу йил қирқ кун давом этадиган тадбир дастурларини янада бойитиш, унга таниқли санъаткорлар, эл ардоғидаги ижодкорларни жалб этиш, кўпроқ саёҳатчилар келиши учун тарғибот ишларини тизимли йўлга қўйиш каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди.