Наврўз - яшнаш, яшариш байрами, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ янги куннинг бошланишидир. Бутун мамлакатимизда Наврўзий кайфият ҳукмрон, байрам шукуҳи кезиб юрибди.

Бугун, Косонсой тумани марказидаги Ёшлар хиёбонида ҳам байрамга бағишланган «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» шиори остида миллий анъаналаримиз, қадриятларимизни акс эттирувчи сайл ўтказилди.

Байрам шодиёнаси кенг миқёсда нишонланиб, дошқозонларда сумалаклар солинди, паловлар пиширилди, баҳорий таомлар тайёрланди.

Миллий рақслар, баҳорий куй-қўшиқлар куйланди. Бадиий саҳна кўринишлари-ю айтилган шеърлари ажиб хушкайфият ва табассум улашди.

Наврўз тантанасида туман ҳокими Дилмурод Қодиров сўзга чиқиб барчани Наврўз байрами билан табриклади.

Тадбирда Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, Косонсой фарзанди Муҳайё Аҳмаджоновага туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда сўнгги русумдаги ноутбук топширилди.

Туман маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастуридаги чиқишлар тадбирга файз киритиб, йиғилганларга баҳорий кайфият бахш этди.