Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу анъана бугун умуммиллий ҳаракатга айланди.

Бугун Косонсой туманидаги "Ўзбегим" тантаналар мажмуасида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ташаббуси билан туман ҳокимлиги ва туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида тумандаги 200 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож, ногиронлиги бўлган шахсларга ифторлик дастурхони ёзилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон Аббасиддинов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Ҳатамов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи И.Ходжиев, туман ҳокими Д.Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Дуога қўл очган фуқароларимиз юртга тинчлик-омонлик сўрадилар, бундай ҳур, эмин-эркин замоннинг қадрига етиш, шукрона келтириш лозимлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида барча меҳмонларга ҳомийларнинг эсдалик совғалари ҳамда бир қатор ногиронлиги бўлган шахсларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан реабилитация қилишнинг техник воситалари, шу жумладан электрон юритмали аравача, ногиронлар аравачалари, қўлтиқтаёқ ва эшитиш мосламалари тақдим этилди.