Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда аҳоли, хусусан ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, деҳқончилик қилиш учун бу йил яна 60 минг 500 гектар ер ёшларга ажратилиши қайд этиб ўтилган эди. Ушбу топшириқлар ижроси юзасдан Косонсой туманида ҳам 366 гектар ер майдонлари ёшлар учун ажратилмоқда.
Косонсой туманидаги “Замондош” маданият маркази ҳамда 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ёшлар етакчилари томонидан тавсия берган ер олиш истагидаги ёшлар иштирокида ўқув-семинари бўлиб ўтди. Семинарда деҳқончилик қилиш қадриятлари, «Бир контур, бир маҳсулот» тамойили асосида ўқитиш, сув тежовчи технологиялардан унумли фойдаланиш каби масалаларда сўз борди.
Ўқув-семинарида Косонсой туман ҳокими ўринбосари А.Шералиев, туман нуронийлар Кенгаши раиси О.Қориев, туман Адлия бўлими бошлиғи Н.Камалова, АТБ “Агробанк” туман филиали бошқарувчиси М.Турсунова ҳамда лимончилик бўйича кўп йиллик тажрибага эга, лимончилик мактаби асосчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби А.Эшонхўжаевлар томонидан ёшларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Бу каби ўқув-семинарлар туманимиз бўйлаб давом этмоқда.






