Косонсой туманидаги «Истиқлол» тантаналар мажмуасида 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали кечада Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоиз, аёлни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Нафосат тимсоли бўлмиш азиз аёлларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказишдаги ўрни ва хизматини ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Шу боис ҳам аёл зотига, мамлакатимиз хотин-қизларига юксак ҳурмат, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Байрам тадбирида туман ҳокими сўз олиб, аёлларни ушбу қутлуғ айём билан қутлади. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича туманда қилинган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди ва бу ютуқларга эришишда фидойилик кўрсатган аёлларни эътироф этди.
Байрам табриги куй-қўшиқларга уланиб, лобар ва гўзал аёлларга ўзгача шодлик улашди.






