Бугун, 13 февраль куни Косонсой туманидаги "Ўзбегим" тантаналар мажмуасида Ўзбекистон "ВЕТЕРАН" жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда жангчи фахрийларни Афғонистондан олиб чиқилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Байрам дастурида "ВЕТЕРАН" жангчи-фахрийлар, тегишли ташкилот-муассаса ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Наманган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Абдуҳамидов, туман ҳокими Д.Қодиров ва сектор раҳбарлари иштирок этиб, жамоат бирлашмаси аъзоларини самимий муборакбод этдилар.

Туман ҳокими ўз сўзида фахрийларнинг аждодларимиз меросига таяниб, ўз ҳаётий тажрибасига суяниб туманимизнинг барча худудларида ўқувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияланишидаги салмоқли меҳнатларини эътироф этди.

Маълумот учун, яқин ўн йил давом этган ҳарбий ҳаракатлар чоғида Афғон заминида тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш йўлида туманимиздан 236 нафар аскар иштирок этган бўлиб, жанггоҳларда 3 киши ҳалок бўлган, 233 нафар ҳамюртимиз эса турли даражада ярадор бўлиб қайтган. Ўтган йиллар мобайнида турли касалликлар, олинган жароҳатлар асоратлари сабабли 38 нафар байналмилал жангчи вафот этган. Ҳозирги кунда туманимизда 195 нафар "ВЕТЕРАН" жангчи-фахрийлар барча соҳаларда фаолият олиб бораётганликлари, қувонарли албатта.