Хабарингиз бор, кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ва жойларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Косонсой туманида бўлди.

53-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳамда "Қўқимбой" ва "Намуна" маҳаллалари еттилиги билан мулоқот қилган вилоят раҳбари “Мактаб – ота-она – маҳалла” ҳамкорлигини кучайтириш, ўқувчиларнинг етарли билим олишлари учун шарт-шароитлар яратиш, давоматни таъминлаш, ёшларни бугунги кунда қийнаётган муаммоларни ҳал этишда мактаб жамоаси билан бир қаторда маҳалла еттилигининг ҳам иштироки муҳимлигини таъкидлади.

Ўрганиш давомида, вилоят раҳбари ўқув машғулотларини кўздан кечириб, ўқувчилар билан суҳбатлашди, соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Косонсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.