Косонсой тумани марказида жойлашган “Баркамол авлод” болалар мактаби истеъдодли, ўз олдига катта мақсадларни қўйган, ижодкор ёшларнинг севимли масканига айланган. 2 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз рассомчилик, робототехника, либослар дизайни, мунчоқли безак, ментал арифметика, инглиз тили, шахмат-шашка тўгаракларида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш баробарида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашмоқда.
Барча жойларда бўлгани каби туманда ҳам “Баркамол авлод болалари” фестивали кўтаринки руҳда ўтказилди. Туман мактабларида таҳсил олаётган “Баркамол авлод” болалар мактаби аъзолари 7 та йўналиш бўйича бор маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Айниқса, робототехника ва конструкторлик йўналиши бўйича иштирокчилар сони анчагина бўлиб, бу туманда интеллектуал ўғил-қизлар кўплигини намоён этди.
Фестивалда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган “Баркамол авлод” болалар мактаби аъзолари иштирок этишди. Тасвирий санъат, техника ва моделлаштириш, спорт, ҳунармандчилик, хорижий тиллар, ментал арифметика бўйича ҳам беллашиб, энг кучли ўқувчилар сараланди. Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар белгиланиб, уларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари берилди.






