Мақом санъати ўзбек халқининг мусиқий энциклопедиясидир. Унда халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи мужассам.

Ҳар бир миллат, элатнинг такрорланмас маданий ҳаёти бўлганидек, вилоятларга хос урфу одатлар, санъат қирралари бор. Шу маънода Хоразм халқининг ижод бобидаги маҳорати доимо олқишлаб келинган. Биргина “Лазги” рақсининг номоддий маданий бойликлар рўйхатига қўшилгани Ўзбекистон учун ҳам катта ютуқдир.

Вилоятимизда меҳмон бўлиб турган Хоразм мақом ансамбли жамоаси Косонсой туманидаги "Учқўрғон" маҳалласида жойлашган "Чиндовул" маданият марказида катта дастурларини намойиш этишди. Терма ва лапарлар, халқ оғзаки ижоди намуналари асосида басталанган куй-қўшиқлар томошабинларни завққа тўлдирди. Ўзбекистон халқ артистлари, ака-ука Ғофур ва Ғулом Эшчоновларнинг чиқишлари эса барчани даврага рақсга чорлади.

Тадбир сўнггида туман ҳокими Дилмурод Қодиров меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдириб, мақом санъатининг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида гапирди.