Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашга устувор эътибор қаратилаётганини бугун кундалик ҳаётимиздаги барча жабҳаларда кўриб турибмиз.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати – соҳага оид йирик ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан "Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-208-сонли Фармони ҳамда "Оилаларни мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-401-сонли қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимизда хотин-қизлар ва оила масаласи нечоғлик долзарб эканлигидан дарак.
Фармон билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишларига кўмаклашиш, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қуйи ташкилотларининг жойларда ишини тўғри йўлга қўйиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилади. Бу эса хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини ифодалашда туб бурилиш палласидир.
Қалбимизда жуда катта шараф билан биргаликда олдимизда улкан масъулият турибди. Хотин-қизлар ва оила билан ишлашда бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз.
Нодира АҲМЕДОВА, Косонсой туман ҳокимининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи






