Кейинги йилларда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуслари орқали суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали тиклаш имконини бермоқда.
Бироқ, фуқароларимиз ўз ҳуқуқларини яхши тушуниб, уларни ҳимоя қилиш чораларини кўраётган бўлсаларда, айрим ҳолларда ўз бурчларини бажаришдан бўйин товлаб келиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Ваҳоланки, асосий Қонунимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар деб белгиланган.
Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт.
Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
Конституциямизнинг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлиги белгиланган.
Бироқ, судларга солиқ ва коммунал хўжалиги соҳасидаги идоралардан келаётган аризалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим фуқароларимиз Конституциямизда белгиланган ўз бурчларини унутиб қўйиб, белгиланган солиқлар ва йиғимларни, электр энергия, газ ва ичимлик сувдан фойдаланганлик учун тўловларни амалга оширмасдан келаётганликлари аниқланди.
2023 йилнинг ўтган даври мобайнида судлар томонидан вилоятимиз аҳолисининг солиқ тўловларидан, электр энергияси бўйича, газ таъминоти бўйича, ичимлик сувдан фойдаланганликлари учун юзага келган катта миқдордаги қарздорликларини ундириш белгиланган.
Мазкур тўловларни белгиланган муддатларда тўламаганликлари оқибатида фуқаролардан яна қўшимча равишда давлат божлари ва почта ҳаражатлари учун тўловларни ундириш чоралари ҳам кўрилган.
Ушбу қарздорлик ўз вақтида қопланса, келиб тушган маблағлар аҳолини ижтимоий ҳимоясини кўчайтиришга, газ, электр энергияси ва сув таъминоти инфраструктурасини яхшилашга, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилади.
Шу сабабли, фуқароларимиздан солиқ ва бошқа тўловлар бўйича бурчлари ва мажбуриятларини ўз вақтида бажаришларини сўраймиз.






