Раҳматов Илҳомжон Жўрабоевич Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Илҳомжон Раҳматов 1973 йил 18 августда Наманган вилояти, Наманган туманида туғилган. Маълумоти олий. 1998 йилда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Миллий Университет)нинг журналистика факультетини тамомлаган. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Наманган туманидаги “Учқун” (ҳозирги “Истиқлол”) газетасида корректорликдан бошлаган. Ўтган давр давомида оммавий ахборот воситаларининг турли йўналишларида, хусусан, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби, Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари, Наманган вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси, Республика Маънавият тарғибот марказининг Наманган вилоят бўлими раҳбари, Республика «Маҳалла» ижтимоий-сиёсий, маърифий газетаси бўлим мудири, масъул котиби вазифаларида ишлаган. 2015 йилдан буён Наманган вилояти телерадиокомпаниясида катта муҳаррир, сиёсий шархловчи, радио ҳамда телевидение гуруҳлари бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Мазкур тайинлов Наманган вилояти ҳокимининг 2023 йил  7 декабрдаги тегишли қарори билан амалга оширилди.