Косонсой туманинг энг олис ҳудудларидан бири бўлган "Ўзбекистон" маҳалласининг "Янгишаҳар" кўчасида жойлашган 51-сонли мактаб биноси ҳамда жиҳозлари эскиргани, ўқувчилари сони кўпайгани натижасида ўринлар етишмаслиги кўплаб ўқувчилар таълим олишига таъсир қилмай қолмасди.
Ниҳоят, бу муаммога ечим изланди. Конституциямиз қабул қилинганлигининг 31 йиллиги арафасида инвестиция дастури асосида 3 млрд 586 млн. сўм маблағ эвазига 180 ўринли янги, замонавий мактаб қуриб битказилди. Натижада, 136 нафар ўқувчи ёшларга ўз маҳалласидаги янги мактабда таълим олиш имкони яратилди.
Филиалнинг очилиш маросимида туман ҳокими Дилмурод Қодиров, сектор раҳбарлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этдилар.
– Эртанги кунимиз, фаровонлигимиз фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ, - дейди туман ҳокими ўз сўзида.
Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мактаб ичида кичкинтойлар учун гуруҳ ташкил этилди. 23-сонли давлат таълим ташкилотига қарашли, UNICEF томонидан ташкил этилган мазкур альтернатив гуруҳларга ушбу маҳалладаги боғча ёшидаги болалар қамраб олинди.






