Бугунги кунда Косонсой туманида истеъдодли, иқтидорли ёшлар сони тобора ортиб бормоқда. Ёшларнинг илм олишга бўлган иштиёқи, изланишлари ва ўз устида мунтазам ишлаши қувонарли ҳол, албатта. 6-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Нилуфар Тўхтабоева ҳам ана шундай иқтидорли, келажаги порлоқ ўқувчи ёшлардан.
Бугун, Косонсой туманидаги 6-сонли умумтаълим мактабида истеъдодли ёш ижодкор Нилуфар Тўхтабоеванинг "Ҳарир туйғулар" номли илк муаллифлик китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Косонсой тумани ҳокими ўринбосари Н.Аҳмедова, “Усмон Носир” номидаги нашриёт директори А.Жўраев, истеъдодли шоира, Нилуфарнинг устози Насиба Дилрозлар сўз олиб, ушбу китоб маъно-мазмуни, адабиётимиздаги ўзига хослиги, муаллифнинг бадиий топилмалари, маҳорати ҳақида сўз юритдилар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу китоб ёш ижодкор Нилуфарнинг биринчи китоби бўлиб, муаллиф ватан, ота-она, устозларга эҳтиромдан иборат энг сара шеърларини ўз ичига олган.
Тақдимот давомида Нилуфар Тўхтабоева ўз ижодий шеърларидан ўқиб берди. Ижодий учрашувга айланиб кетган тақдимотда барча яхши таассурот қолдирди. Маълумот учун, Нилуфар Тўхтабоева "Зулфияхоним издошлари" номли танловининг Косонсой туман босқичида “Жамоатчилик” йўналишида ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олган.






