Мустақил давлатчилигимиз рамзларидан бири бўлган байроғимиз ўзида Ватанимиз ўтмиши ва бугунининг муҳим қирраларини акс эттиради. Юрт байроғига нисбатан ҳурмат туйғусини юксалтириш, унинг улуғворлик касб этувчи моҳият мундарижасини англаш барчамиз учун муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Косонсой туманида ҳам миллий юксалишни ўзида мужассам этган, улуғвор Ватан тимсоли, мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 32 йиллиги "Истиқлол машъали, тинчлик посбонисан, Ватан байроғи!" шиори остида кенг нишонланди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, чегара пости ҳарбий хизматчилари иштирокидаги автокарвон ҳамда сектор раҳбарлари, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари давлат байроғи билан марказий кўча бўйлаб, тантанали юриб ўтдилар.
Шунингдек, туман марказида ўрнатилган улкан байроқ олдида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда туман ҳокими Дилмурод Қодиров, сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги билан барчани табриклади.
Таъкидланганидек, муқаддас туғимиз энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, жаҳон ареналарида, нуфузли спорт мусобақаларида баланд кўтарилиб, Янги Ўзбекистоннинг чинакам бўй-бастини намоён этаётгани барчада ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Ёш ижодкорлар томонидан куйланган ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.






